Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш самарадорлиги унинг рақобатбардошлиги билан белгиланади. Шу муносабат билан, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг халқаро рақобатбардошлигини баҳолаш мақсадида тадқиқот ўтказди.
Мутахассислар аниқланган қиёсий устунликлар асосида рақобатбардошликнинг савдо кўрсаткичларини таҳлил қилиб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ва қайта ишлаш саноатининг жаҳон бозорида энг рақобатбардош турларини аниқладилар.
Халқаро рақобатбардошликни баҳолашнинг энг кенг тарқалган кўрсаткичларидан бири бу RCA (Revealed comparative advantage) индексидир. Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мева ва сабзавотлар ва уларнинг қайта ишланган маҳсулотларининг RCA индексини ҳисоблаш учун БМТнинг Савдо статистик маълумотлар базаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларидан фойдаланилади.
Ҳисоб-китоблар 2015-2020 йилларда АҚШ долларида жорий нархларда Ўзбекистон экспортининг 07,08,20 гуруҳлари 4-рақамли ТИФ ТН кодлари ва бутун дунёда шу каби экспорт буюмлари бўйича кўрсаткичларга асосланди.
Ҳисоб-китобларнинг натижаларига кўра, 2015-2020 йилларда таҳлил қилинган 35 та товарлар гуруҳидан 16 маҳсулот гуруҳида Ўзбекистон сезиларли қиёсий афзалликларга эга экан. Ушбу маҳсулотлар гуруҳи 2019 йилда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг қарийб 40 фоизини ташкил этди.
ПМТИ мутахассислари мева ва сабзавот экспорти учун Лафей индекси (LFI) асосида ҳам ҳисоблар ўтказди, чунки RCA импортни ҳисобга олмаган ҳолда, фақат экспортни ҳисобга олади, бу эса нотўғри натижаларга олиб келиши мумкин.
Лафей индексининг (LFI) ўзига хос хусусияти шундаки, бу алоҳида товар гуруҳларининг мамлакатнинг меъёрий савдо балансига қўшган ҳиссасини аниқлашга имкон беради.
Ҳисоб-китоблар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2015-2020 йилларга мўлжалланган маълумотларидан фойдаланилди.
Унга кўра, 2015-2020 йилларда таҳлил қилинган 35 товар гуруҳидан 24 тасида Ўзбекистон қиёсий устунликка эга. Бироқ, 10 та товар гуруҳида ташқи бозорга экспорт қилишда қиёсий афзалликларга эга эмас эди.
Шу тариқа иккала индекснинг ҳисоб-китоблари натижасида олинган RCA ва LFI индексларининг ўртача қийматларини таққослаб, қуйидаги мева ва сабзавот гуруҳлари аниқланди:
1-жадвал
2015-2020 йилларда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари учун RCA ва LFI нинг ўртача кўрсаткичлари
