Аннотация:
Мазкур шарҳда 2021 йил январ-март ойларида минтақаларда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожланиш тенденциялари таҳлил қилинган. Ўзбекистон ҳудудларининг инвестиция ва тадбиркорлик фаолияти, товарлар ва хизматлар экспорти ҳолати баҳоланган. Минтақа иқтисодиётининг асосий тармоқлари ва соҳалари ривожланишига таъсир этувчи омиллар кўриб чиқилган.
Калит сўзлар:
Минтақа, иқтисодий ривожланиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар, инвестициялар, экспорт, кичик бизнес ва тадбиркорлик.
Ҳудудларда саноатнинг ривожланиши. 2021 йил январь-март ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан республикада саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичи 103,8%ни ташкил этди, яъни ўсиш тенденцияси кузатилди.
Жиззах (116,1%), Қашқадарё (124,1%), Сирдарё (110,6%), Хоразм (117,0%), Навоий (109,3%) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (110,1%) саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмида сезиларли ўсиш кузатилди. Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари саноатида ўсиш суръатлари 103,0-107,5%ни ташкил этди.
Андижон (79,3%), Бухоро (87,1%), Фарғона (95,2%) вилоятлари саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмида пасайиш кузатилди. Ушбу ҳолат, асосан, саноат ихтисослашувига эга бўлган автомобилсозлик (енгил автомобил, эҳтиёт қисмлар), ёқилғи (дизел ёқилғиси, сиқилган пропан ва бутан, техник олтингугурт) ва кимё маҳсулотларини илаб чиқариш тармоқларида салбий натижалар (маҳсулотлар ҳажми пасайиши) юзага келгани сабабли бўлди.
Халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш бўйича ҳудудларнинг аксарият қисмида юқори ўсиш суръатлари кузатилди (110,0%дан юқори). Бухоро (123,5%), Жиззах (125,5%), Қашқадарё (114,6%), Наманган (112,4%), Самарқанд (120,3%), Сирдарё (117,1%), Тошкент (113,9%) вилоятларида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини жадал ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ижобий натижаларга олиб келди. Андижон вилояти (63,4%) халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши асосан енгил автомобилларни ишлаб чиқариш соҳаси билан боғлиқ бўлган.
2021 йил январь-март ҳолатига кўра саноат маҳсулотларини ишлаб чиқиш концентрацияси юқори бўлган Навоий (18,2%), Тошкент (17,8%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрига (17,5%) республика умумий ҳажмининг 53,4% тўғри келди. Ушбу ҳудудлар саноати ривожланган ҳудудларга кириб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 5,5-16,5 млн сўмни (республика кўрсаткичи 2,6 млнсўмга тенг бўлган) ташкил этади (1-расм).
Иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Хоразм (республика умумий ҳажмида 2,7% тенг), Қашқадарё (4,7%), Самарканд (4,9%), Жиззах (1,6%), Наманган (3,1%), Сурхондарё (1,3%) вилоятларида республика саноатида ишлаб чиқариш улуши нисбатан паст ҳисобланади. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ушбу ҳудудларда 434,3-1295,2 млн сўмни ташкил этиб, республика параметрига нисбатан 1,3-2,7 марта паст.
Саноати ривожланган ва паст даражада ривожланган ҳудудлар ўзаро солиштирилганда ҳудудий тафовутнинг юқорилиги кўринади (37,8 марта). Бу эса, табиий-ресурс салоҳиятига бой, замонавий ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш имконияти мавжуд бўлган Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятларига алоҳида эътибор қаратилиш лозимлигини англатади.
1-расм. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг 2021 йил январь-март ойлари бўйича саноат ривожланиш даражаси.
Манба: дастлабки маълумотлар асосида тузилган.
Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тармоқларининг ривожланиши. 2021 йилнинг январь-март ойлари мобайнида қишлоқ хўжалиги тармоғида 29891,6 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ушбу ҳажмнинг катта қисми Самарқанд (13,1%), Тошкент (13,0%), Бухоро (8,9%), Фарғона (8,2%), Хоразм (8,2%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. Қишлоқ хўжалиги тармоғида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 103,1%ни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида республика даражасидан юқори ўсиш суръати Фарғона (106,3%), Хоразм (104,9%), Қашқадарё (103,4%), Навоий (103,2%) вилоятларига тўғри келган.
Таҳлил даврида аҳоли жон бошига ҳисобланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси (101,6%), Андижон (101,4%), Бухоро (102,3%), Қашқадарё (101%), Навоий (101,1%), Наманган (101,9%), Сурхондарё (101,4%), Фарғона (104,4%) ва Хоразм (103,4%) вилоятлари ижобий натижага эришган. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида аҳоли жон бошига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми республика кўрсаткичидан 1,1-1,7 марта кичик бўлган. Бунда ҳудудлараро тафовут 3,2 мартага тенг бўлмоқда (2-расм).
2-расм. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг 2020 йил январь-март ойлари бўйича қишлоқ хўжалиги тармоғининг ривожланиш даражаси.
Манба: дастлабки маълумотлар асосида тузилган.
2021 йилнинг январь-март ойларида жами 65,7 минг тонна сабзавот маҳсулоти етиштирилган. Ушбу маҳсулот ҳажмининг катта қисми Сурхондарё (29,4%), Тошкент (21%), Фарғона (11,3%) вилоятларига тўғри келган (ялпи ҳосилнинг 61,7%и). Ҳудудларда сабзавотнинг 67,3% деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларида етиштирилган.
Таҳлил даврида жами 493,2 минг тонна мол ва паррандалар гўшти (тирик вазнда) ишлаб чиқарилган. Ушбу маҳсулот ҳажмининг катта қисми Самарқанд (12,6%), Тошкент (14%), Бухоро (9,6%), Қашқадарё (8,6%) вилоятларига тўғри келди. Бу бўйича энг кичик кўрсаткич Сирдарё вилоятига (2,6%) тўғри келган. Ҳудудларда етиштирилган гўштнинг 92,1%и деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларининг ҳиссасига тўғри келди.
Таҳлил қилинаётган даврда жами 1,8 млн тонна сут етиштирилган. Ушбу маҳсулот ҳажмининг катта қисми Самарқанд (15%), Хоразм (11,4%), Фарғона (11,2%), Бухоро (10,6%) вилоятларига тўғри келган. Бу вилоятлар соғиб олинган сут маҳсулотларининг 48,2 %ини етиштириб берган. Ҳудудларда соғиб олинган сутнинг 95,1% и деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларининг ҳиссасига тўғри келмоқда.
Таҳлил даврида мамлакат бўйича 1374,4 млн дона тухум олинган. Ушбу маҳсулот ҳажмининг катта қисми Самарқанд (17,7%), Тошкент (17,6%), Наманган (8,1%), Хоразм (7,9%), Фарғона (7,5%) ва Сурхондарё (7,3%) вилоятларига тўғри келган. Тухум етиштириш бўйича энг паст кўрсаткич Жиззах (3,7%) ва Сирдарё вилоятларига (2,4%) тўғри келган. Ҳудудларда тухум етиштириш бўйича деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари (54,9%) етакчилик қилмоқда.
2021 йилнинг январь-март ойларида 15,7 минг тонна балиқ овланган. Ушбу маҳсулотнинг катта қисми Тошкент (16,3%), Жиззах (16,2%), Хоразм (11,7%), Андижон (10,6%), Навоий (10,0%) вилоятларига тўғри келган ҳолда улар жами овланган балиқ маҳсулотларининг 64,8% ини етиштириб берди. Ҳудудларда балиқ етиштиришда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларнинг улуши (64,9%) юқори бўлди.
Хизматлар соҳаси. 2021 йил январь-март ойларида мамлакатимизда хизматлар соҳасининг ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,8% ни ташкил этди. Бунинг асосий сабаби республикада коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган баъзи карантин чекловларининг давом этиши билан боғлиқ. Хизматларнинг ўсиш суръати айниқса, Тошкент шаҳрида (110,5%), Андижон (113,4%), Сирдарё (112,0%), Сурхондарё (110,6%), Самарқанд (109,0%), Хоразм (108,6%), Жиззах (108,1%), Бухоро (107,6%) вилоятларида юқори бўлди.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри (8308,2 минг сўм) ва энг қуйи натижа Қашқадарё вилояти ҳиссасига (824,9 минг сўм) тўғри келди ва улар ўртасидаги фарқ 10,1 мартани ташкил этди. Аҳоли жон бошига нисбатан Тошкент шаҳрида ўртача республика кўрсаткичига (1706,3 минг сўм) нисбатан 4,7 марта ортиқ хизмат кўрсатилган (3-расм). Таъкидлаб ўтиш жоизки, республикадаги жами хизматлар ишлаб чиқаришда Тошкент шаҳрининг улуши 36,9 фоизни ташкил этиб, бошқа ҳудудлардан кескин ажралиб туради.
Таҳлил этилаётган даврда таълим (121,3 %), молиявий (119,1 %), ижара (116,6%), алоқа ва ахборотлаштириш (115,8%), меъморчилик ва муҳандислик (113,3%) каби хизмат турлари жадал суръатларда ривожланди. Аммо, коронавирус пандемияси таъсири давом этаётганлиги сабабли мамлакатимиз ва унинг ҳудудларида транспорт хизматларида (92,7%) пасайиш кузатилди.
3-расм. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг 2021 йил январь-март ойларида хизмат кўрсатиш даражаси.
Манба: дастлабки маълумотлар асосида тузилган.
Ҳудудларда асосий капиталга киритилган инвестициялар. 2021 йилнинг январь-март ойларида асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 94,7% ни ташкил этди. Бухоро (151,6%), Самарқанд (141,1%), Андижон (138,2%) ва Тошкент (122,6%) вилоятларида ушбу турдаги инвестициялар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши кузатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси (99,6%), Сурхондарё (97,2%), Наманган (93,1%), Навоий (73,4%), Қашқадарё (57,2%) ва Тошкент шаҳрида (96,2%) аксинча, асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми пасайди (4-расм).
Ҳудудлар кесимида асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг катта қисми Тошкент шаҳри (21,7%), Тошкент (11,8%) ва Навоий (8,0%) вилоятларига тўғри келди. Ушбу кўрсаткич бўйича энг кам улуш Қорақалпоғистон Республикаси (3,9%), Сирдарё (3,4%) ва Хоразм (2,6%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.
Таҳлил қилинаётган даврда аҳоли жон бошига тўғри келадиган инвестициялар ҳажми бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида (2,9 млн сўм, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 91,7%), кейинги ўринларда эса Навоий (2,9 млн сўм ва 72,2%), Тошкент (1,4 млн сўм ва 121,1%), Бухоро (1,4 млн сўм ва 149,8%), Сирдарё (1,4 млн сўм ва 106,6%) ва Жиззах (1,2 млн сўм ва 101,1%) вилоятларида қайд этилди (республика кўрсаткичи 1,0 млн сўм, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 94,7%).

4-расм. 2021 йил январь-март ойларида ҳудудлар кесимида асосий капиталга киритилган инвестициялар ўсиш суръатлари, %да
Манба: дастлабки маълумотлар асосида тузилган.
Ҳудудларда экспортнинг ривожланиши. 2021 йил январь-март ойларида республикада товар ва хизматларнинг экспорти ҳажмида пасайиш тенденцияси кузатилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 73,5%ни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида Сирдарё (197,1%), Жиззах (186,2%), Андижон (154,5%), Бухоро (146,6%), Хоразм (133,1%), Тошкент (123,8%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (120,4%) экспорт кўрсаткичларида сезиларни ўсиш кузатилди (5-расм).



