Янгиликлар 5525 ko'rishlar
Алихонтўра Соғуний “Темур тузуклари” таржимони

Бугун Соҳибқирон Амир Темурнинг туғилган куни. Айни вақтда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти бош илмий ходими, иқтисод фанлари доктори, профессор Одил Олимжонов бугунги байрамга муносиб совға тайёрл...

9 апрел 2021
5525 ko'rishlar
0 Biriktirilgan fayllar
Videogalereya

Бугун Соҳибқирон Амир Темурнинг туғилган куни. Айни вақтда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти бош илмий ходими, иқтисод фанлари доктори, профессор Одил Олимжонов бугунги байрамга  муносиб совға тайёрладилар.

Ҳамкасбимизнинг кўмагида Буюк Темур бобомизнинг таваллуд топган кунларида буюк аждодимиз – Алихонтўра Соғунийнинг “Темур тузуклари” таржимонидан  номли шеъри топилди. Бу топилма айни вақтда ЎзА - Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида чоп этилди.

Алихонтўра Соғунийнинг мазкур шеърини кенжа ўғиллари Қутлуғхонтўра Соғуний сақлаб қўйган эканлар.

Уй қамоғида сақланган, собиқ КГБнинг 24 соат тазйиқи остида яшаган пайтларида ҳам Алихонтўра Соғуний  ҳақ сўзни баралла айта олган.  Хусусан, 1958 йили “Темур тузуклари”нинг сақланиб қолган қолган форсча вариантини ўзбек тилига мукаммал таржима қилишни эплади.

КГБнинг доимий назоратида бўлсада, 1960 йилда Буюк Темур ҳақида шеър ёзиб, уни авлодларга қолдириб кетганлар.

“Темур тузуклари” таржимонидан” деб шартли сарлавҳа қўйилган мазкур шеър “Темурдек жаҳонда киши ўтмади,  Анингдек ўғилни она туғмади” сатрлари билан бошланади. Шўроларнинг барча  тарихчилари, жумладан, ўзбек олимлари ҳам,  Темурнинг буюк бунёдкорлик ишлари, адолатли шахс бўлганлиги   ҳақида бирорта ижобий сўз айтмай, уни “ваҳший ва қонхўр подшо бўлган” деб, жар солиб турган паллада  Темурнинг аслида “жаҳонда тенги йўқ киши, бундай ўғилни она туғмаган” (яъни “оналар  бундай ўғилни бошқа  туғмаган”, маъносида) эканлигини айта олиш жасорат эди!

Шеър ҳозиргача матбуотда эълон қилинмаган экан.

Буюк Темур бобомизнинг таваллуд топган кунларида бу шеър бошқа бир буюк аждодимиз – Алихонтўра Соғунийдан халқимизга муносиб совға бўлади, деган умиддамиз.

 

“Темур тузуклари” таржимонидан

 

Темурдек жаҳонда киши ўтмади,

Анингдек ўғилни она туғмади.

 

Йигирма етти пойтахт олди ул,

“Баранғар”, “жаранғар”, “ясол” қилди ул.

 

Анинг ҳақида яхши сўз кўп эрур,

Ёмонликни айтқувчилар ҳам бўлур.

 

Биров яхши дерса, биров дер ёмон,

Улус сўзидин ким қолибдир омон?

 

Киши бўлса ҳар сўзни у сезгудек,

Келур хотирига кўп иш кўзгудек.

 

Ёзиб бу китоб ичра қилмишларин,

Баён айламишдир қомус ишларин.

 

“Темур тузуги” деб аталмиш эрди,

Анинг сўзларин туркча ёзмиш эрди,

 

Биза етмамишдир асл нусхаси,

Вале етди форсчаси, босмаси.         

 

Аниқ билмадим, кимдир олмиш уни,

Қабул этдим, ўрнига олдим буни.

 

Тилин туркий қилдим, юзин оқладим,

Ватан аҳлига мангулик сақладим.

 

Ўқир бўлсалар бу китоб сўзларин,

Гумондан чиқарғусидир ўзларин,

 

Темур ким эди деб гумон қилмағай,

Ёмон-яхшисин у ўқиб англағай.     

 

Минг уч юз дағи бирда саксон[1] эди,

Муҳаррам ойи ўрталашган эди.

 

Буни Соғуний назм этиб ёзди ул,

Ватан аҳлина туҳфа қилғизди ул.  

 

Туғилган киши бир кун йўқ бўлур,

Асар қолмаса ани ким ёд қилур?

 

Вафот саккиз юз дағи етти[2] йил,

Ҳисобини тарихи ҳижрия бил.

 

Ота Соғуний назм этибдир, билинг,

Буни ўқиғанда ани эскаринг.

                                                  

9-июль, 1960-йил, Тошкент

 

 


[1] Ҳижрий 1380-йил Муҳаррам ўртаси– милодий 1960-йил 9-июл

[2] Ҳижрий 807-йил – милодий 1404-йил