Янгиликлар 4082 ko'rishlar
Пандемия қурилишдаги ўсиш суръатларига қандай таъсир қилди?

Ўзбекистонда яратилган қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳити кўп жиҳатдан сармоядорларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига, жумладан, қурилиш индустриясини янада ривожлантириш ва модернизацияга қаратилган ўзаро манфаатли ин...

25 март 2021
4082 ko'rishlar
0 Biriktirilgan fayllar
Videogalereya

Ўзбекистонда яратилган қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳити кўп жиҳатдан сармоядорларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига, жумладан, қурилиш индустриясини янада ривожлантириш ва модернизацияга қаратилган ўзаро манфаатли инвестицияларга бўлган қизиқишини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан, юртимизда амалга оширилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари, модернизация қилиш ҳаракатлари ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Тизимдаги туб ўзгаришлар таъсирида, иқтисодиётнинг ҳамма тармоқлари, жумладан, қурилиш индустрияси ҳам изчил ривожланмоқда. Масалан, 2020 йилда цемент ишлаб чиқариш даражаси 2016 йилга нисбатан 1,44 баробар ошди. Шу билан бирга, энерготежамкор технологиялар асосида ишлаб чиқарилган миқдорлар кўрсаткичи, 2016 йилдаги 63,8 фоиздан 81,5%гача кўтарилди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларига керак бўлган ойна шишасини ишлаб чиқариш 1,84 баробарга, безаткич керамик кошинлар эса 2,4 баробарга ошди. Шунга ўхшаш ҳолат бошқа турдаги маҳсулотларда ҳам кузатилди.

Ташқи савдо механизмини такомиллаштириш, экспортни оширишни рағбатлантиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар ижобий натижаларга олиб келди. 2020 йилда қурилиш индустрияси маҳсулотларини экспорти 2016 йилнинг кўрсаткичларига нисбатан сезиларли даражада ошди. Масалан, турли мақсадлар учун ишлатадиган керамик маҳсулотларни экспорти 5,8 баробарга, ойна шишаси ва ундан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларда сотилиши 2,1 баробарга, цемент экспорти 1,12 баробарга ошди.

Юртимизда COVID-19 коронавируси пандемиясининг салбий таъсирини юмшатиш, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар ва мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилгани, 2020 йил охиригача мамлакат қурилиш мажмуасида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун ижобий шароит яратилди.

2020 йилда Тошкент металлургия заводи, Сергели ва Юнусобод метро йўналишлари, яна қатор муҳим бўлган йирик инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди. Айниқса, коронавирус билан оғриган беморларни даволаш учун мўлжалланган махсус шифохоналар, жумладан, "Зангиота-1" ва "Зангиота-2"ларни ташкил этиш учун бинолар, иншоотлар ва тегишли коммуникацияларни қуриш, реконструксия қилиш, ускуналарни етказиб бериш ва ўрнатишда қурувчиларнинг  ўрни муҳим аҳамият касб этди.

Ўз навбатида, турли ташкилий-техник чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, шунингдек, ходимларнинг фидокорона меҳнати қурилиш саноати корхоналарига коронавирус пандемияси туфайли юзага келган қийинчиликларни бартараф этиш имконини берди. Қурилиш индустриясининг мураккаб шароитда барқарор ишлаши ва янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайишини олдини олиш, инвестиция ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган самарали чора-тадбирлар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2020 йилда қурилиш индустрияси маҳсулотларининг умумий ишлаб чиқарилиши қарийб 22,0 триллион сўмга етди ва 2019 йилга нисбатан ўсиш суръати 109 фоизни ташкил этди.

Масалан, ўтган йилда цемент ишлаб чиқариш ўсиш суръати 114,1 фоиз турли мақсадлар учун ишлатадиган ойна шишаси 111,9 фоизга безаткич керамик плиткалар 139,4 фоизга турли материаллардан замонавий услубда тайёрланган девор қоғози 229,5 фоизни ташкил этди. Қурилиш индустрия маҳсулотлари экспорт ҳажми 2020 йилда 83,6 фоизга ўсди. Цемент экспорти 2019 йилга нисбатан 1,24 баробар ошиб, 520 минг тоннага етди. Керамик пардозлаш плиталари, турли хилдаги ойна шишаси ва шиша буюмлар, иссиқлик изоляцияси ва пардозлаш материаллари, полимер ва композицион материаллардан тайёрланган буюмлар, оҳак ва бошқаларни экспорти ҳам оширилди.

 

 

                                                                                             

     

2020 йилда “Қизилқумцемент” (104,9%), “Бекободцемент” (105,5%), “Қорақалпоқ цемент” (157,7%), “Мароқанд кабел Инвест” (134,3%), “Бош кулолчилик” (124,3%) ва бошқа корхоналарда ишлаб чиқариш юқори даражада ўсди.

Бозорларда харидоргир маҳсулотлар даражасини ошириш мақсадида, биржавий савдолар орқали ўтган йилда 8,8 миллион тонна цемент сотилди. Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 109,3 фозни ташкил этди. Ҳозирда бозорларимизда исодиётнинг турли тармоқларида талаб этилаётган цементнинг тур 43 тага етди.

Ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали, қурилиш материаллари бозорларида, жумладан, иқтисодиётнинг турли тармоқларида таклиф этилаётган харидоргир ва экспортбоп замонавий турдаги инновацион қурилиш материаллари хилма-хиллигини таъкидлаш лозим. Бу эса, ўз ўрнида, ушбу турдаги маҳсулотлар импортини камайтириш имконини берди.

Цементнинг бир қатор турлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, ушбу турдаги материаллар импортини 23 фоизга камайтириш имконини берди. Шунингдек, керамик плиткалар, ойна шишаси, гипсокартон ва бошқа материалларни импорт қилиш ҳажми ҳам қисқарди.

Соҳанинг қўшимча ижобий омили сифатида, 2020 йилда қурилиш индустрияси корхоналарини импортида технологик ускуналар ва эҳтиёт қисмлар олиб кирилиши умумий ҳажмининг қарийб 73 фоизини ташкил этилганлиги эътиборга сазовордир.

Тармоқ ва ҳудудий маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш мақсадида, минерал ресурсларнинг маҳаллий турларидан чуқур қайта ишлаш ва янада самарали фойдаланиш асосида, замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни тубдан кенгайтириш чора-тадбирлари тизимли амалга оширилмоқда.

2020 йилда қурилиш индустриясида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш 1,7 баробар ошди. Жумладан, янги турдаги иссиқлик изоляция материаллари, махсус цемент турлари, нақшли шиша ойнаси, базальт маҳсулотлари ва бошқа турдаги бир қатор замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Миллий ва хорижий корхоналар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистонда қурилиш индустриясини ривожлантиришда барқарорликни сақлаб қолиш учун қулай омил бўлди. Инновацион технологик жараёнларни жорий этиш бўйича хорижий бозорларни ўрганиш ва илғор тажрибага асосланган, хорижий инвесторлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда "Фарғона тош қоғоз" қўшма корхонаси, Фарғона вилоятида энергия тежовчи технология ёрдамида, тошдан тайёрланадиган муқобил турдаги импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулот - қоғоз ишлаб чиқаришни бошлади. Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришда кислоталардан фойдаланилмагани дунёда ривожланиш устувор йўналишлардан бири- "яшил" иқтисодиётга мос келади.

Россиянинг “Евроцемент групп” холдингининг “Оҳангаронцемент” да, жорий йилда энергияни тежовчи технология ёрдамида, турли хил юқори сифатли цементни ишлаб чиқарадиган янги қувватларни ишга тушириш кутилмоқда.  Бу эса, ушбу корхона асосида фойдали қазилмаларни чуқур қайта ишлашга қаратилган саноат кластерини ташкил этиб, бозорларда харидоргир бўлган турли хил маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш имконини беради.

Германия сармоядорлари узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида, Бухоро ва Фарғона вилоятларида фойдаланилмаётган маҳаллий минерал хом-ашё асосида, инновацион технологиялар ёрдамида модификацияланган турдаги қуруқ қоришмалар ва гипсокартон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қувасойдаги "Кварц"  етакчи Хитой компанияси иштирокида йилига 22 миллион квадрат метр ойна шишасини ишлаб чиқарадиган йирик лойиҳани бажармоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев тасдиқлаган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури, 2021 йилда иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини янада оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Қурилиш саноати ва тегишли тармоқларнинг барқарор ишлашини давом эттириш учун, мавжуд қулай ишбилармонлик муҳити ва меҳнат бозори шароитларини ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилда қурилиш индустриясини янада барқарор ва самарали ишлашини таъминлаш учун кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳа салоҳиятини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотларни, замонавий энергия тежайдиган технологиялар асосида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш шулар сирасидан. Янги  ишлаб чиқариш қувватлардан самарали фойдаланган ҳолда рақобатбардош маҳсулотларни кўпайтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни янада кенг жалб этиш ҳисобига янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий хом-ашёни ишлаб чиқаришда, жумладан, ҳар йили қайта тикланадиган (қамиш, ғўзапоя, сомон) турларидан фойдаланишни кўпайтириш ҳам эътиборда.

Мирҳамид Тўраев, Жаҳонгир Муинов,

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти

 

Феруз Бозоров,

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги