Янгиликлар 2501 ko'rishlar
Жорий йилнинг январида қайси ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кузатилди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, жорий йилнинг январь ойида ўтган даврга нисбатан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичи 98,8 фоизни ташкил этди....

29 март 2021
2501 ko'rishlar
0 Biriktirilgan fayllar
Videogalereya

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, жорий йилнинг январь ойида ўтган даврга нисбатан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичи 98,8 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида кузатилганда энг юқори  ўсиш Хоразм вилоятида бўлиб, 115,4 фоизга етди. Сурхондарё, Навоий, Самарқанд вилоятларида ҳам саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича юқори ўсиш суръатлари кузатилди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида  олинган маълумотларга кўра, Андижон, Бухоро, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан анча камайган.

Бунга сабаб эса машинасозлик, ёқилғи, кимё саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмларининг пасайиши. Шунингдек, озиқ-овқат, тўқимачилик, металлургия фаолият турлари салмоқли улушга эга бўлган.  

Таъкидлаш жоизки, ҳудудларда мавжуд салоҳият, рақобатдан фойдаланган ҳолда маҳаллий саноатни диверсификациялаш, маҳаллийлаштирилган импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқиш имкониятлари мавжуд. Бу эса, иқтисодий ўсишни таъминлашга, аҳоли даромадларини ва турмуш даражасини оширишга, камбағаллик даражасини қисқартиришда муҳим  аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда хизматлар соҳаси жорий йилнинг январида ўтган йилнинг шу даврига  нисбатан ўсиш суръати 104,6 фоизни ташкил этди.  Бу ҳақида  Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтидан хабар қилинмоқда.

Бунга, соҳада амалга оширилган ишлар ва лойиҳаларнинг ишга туширилиши, пандемия тарқалишини олдини олиш мақсадида қабул қилинган карантин чекловларининг юмшатилганлиги, фаолиятини тўхтатган субъектларнинг тўлиқ ишлашга қайтиши  сабаб бўлди.

Хизматларнинг ўсиш суръати аксарият ҳудудларда республика кўрсаткичига нисбатан юқорилиги маълум бўлди. Масалан, Сирдарёда хизматлар ўсиши 113,7, Бухоро ва Хоразм вилоятларида 109 фоизга етди. Бироқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона  вилоятларида хизматлар соҳасининг ўсиш суръати республика кўрсаткичидан бир мунча паст.

Ҳисоб - китобларга кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрига бўлса, энг пасти Наманган вилоятига тўғри келди.

Умуман олганда 2021 йилнинг январь ойида ҳудудлар хизматлар соҳасини ривожланишида ижобий силжишлар кузатилди. Бу жараёнда товар ва хизматларнинг экспорт ҳажми ҳам ҳисоблаб кўрилди. Бунда кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 54,0 фоизни  ташкил этди. Ҳудудлар кесимида энг юқори рақамлар ва фоизлар Навойи, Андижон, Жиззах, Сирдарё  каби вилоятлар ва Тошкент шаҳрига тўғри келади. Шунингдек, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида товар ва хизматлар экспорти ҳажмида пасайиш кузатилган.

Ушбу ҳолат мазкур ҳудудларда кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (Бухоро, Қашқадарё вилоятлари), энергия манбалари ва нефт маҳсулотлари (Қашқадарё вилояти), машина ва ускуналар (Бухоро, Наманган, Самарқанд вилоятлари), озиқ-овқат маҳсулотлари (Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари), хизматлар (Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари) ва бошқа маҳсулотлар (Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари) экспорти ҳажмининг пасайиши сабабли юзага келди.

Таҳлил қилинаётган давр учун вилоятлар кесимида экспорт ҳажмининг энг юқори улуши  Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти  ҳиссасига тўғри келди.  Энг кам улуш эса Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларига тўғри келди.