Мақолалар ва тезислар 1 ноябр 2023 15 daq 1074
Бизнес акселератор - тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг замонавий инструменти сифатида

Бизнес акселератор - тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг замонавий инструменти сифатида

Бизнес акселератор - тадбиркорликни  қўллаб-қувватлашнинг замонавий инструменти сифатида
Мақолалар ва тезислар · 1 ноябр 2023

 

Aкселератор ўзи нима ва унинг мавжудлиги қандай аҳамиятга эга? Мазкур таҳлил ушбу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилади.

Жорий йилнинг август ойида Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига ташриф буюрди, ҳамда Япония тажрибаси асосида ҳудудларда бизнес-инкубатор ва акселераторлар тизими жорий этилиши ҳақида сўз юритди.[1]

Aкселератор тушунчаси

Бизнес акселератор – бу эндигина бозорга кириб келаётган ёш компанияларга кўмаклашувчи платформа бўлиб, билим - кўникмаларни олиш ҳамда сармоя бозорига кириш имконини яратади. Акселерация жараёни одатда бир неча ой давом этиб, интенсив тренинглар орқали лойиҳанинг салоҳияти оширилади ҳамда стратегик режалар шакллантирилади. Европадаги 13 та йирик акселераторлардан ўтиш жараёни 3 ойдан 18 ойгача вақтни қамраб олади (1-Жадвал).

Маълумот учун: Startup Genome тадқиқот натижаларига кўра, дунёда стартапларнинг 90% ресурслар, техник база ва тажриба етишмаслиги каби муаммолар сабабли муваффақиятсизликка учраган[2]. Луизианадаги Хавер университети тадқиқотчиларининг фикрига кўра, акселерация дастурларини тўлиқ бажарган стартапларнинг дастлабки икки йил ичида фаолиятини давом эттириш эҳтимоли бошқа стартапларга қараганда 26% га, беш йилдан сўнг эса бозорда қолиш эҳтимоли 23% га кўп[3].

Ўзбекистонда ҳам тадбиркорлар мазкур муаммоларга дуч келишмоқда.  Жумладан, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 1073 нафар тадбиркордан 18,6% молиялаштириш, 15,3% малакали мутахассисларнинг етишмаслиги, 13-14% инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга дуч келишган. Жаҳон тажрибасига назар солинса, ушбу муаммоларни бартараф этишда стартапларни қўллаб-қувватлаш махсус тизим (бизнес акселератор)ларга юклатилган.

Акселератордаги инвесторлар компанияларга ёрдам бериш эвазига унинг капиталидаги улушга қўшилади (одатда 7%-10%[4]), ҳамда кўшимча акцияларни сотиб олиш имкониятини берувчи опционларга эгалик қилиш ва компаниянинг стратегик қарорлари муҳокамасида иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.

Стартап ривожланишини рағбатлантириш ва янги корхоналар муваффақиятига ҳисса қўшадиган асосий хусусиятлар, омиллар ва шартларни аниқлаш бир қатор тадқиқотлар ўрганилди (Bruneel et al 2012; Bergek and Norrman 2008; Grimaldi and Grandi 2005; Hackett and Dilts 2004). Сўнгги ўн йилликда турли бизнес акселераторлар стартап экотизимларини қўллаб-қувватлаш ва бозорда инновациялар учун кенг имкониятларни таклиф қиладиган янги восита сифатида пайдо бўлди (Miller and Bond, 2011).

Бизнес акселераторлар биринчи босқичда бўлган жамоаларга тадбиркорлик асослари ва керакли тармоқни тақдим этиш ҳисобига ижобий таъсир кўрсатади (Miller va Bond, 2011). Тармоқ имкониятлари стартапларга потенциал инвесторлар, истеъмолчилар ва ҳамкорлар каби ташқи иштирокчилар билан алоқаларни ўрнатишга имкон яратади (Soetanto and Jack 2013).

Акселератор одатда бирламчи шаклланган бизнесни ривожлантиришга урунади, биринчи маҳсулот эса инкубаторларда шаклланади. Инкубатор эса ғоя босқичидаги янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Инкубаторлар одатда минимал тайёр маҳсулотни (MVP) яратишга ҳисса қўшадиган қулай шароитларни таъминлайди. Масалан, агар фуқарода янги бизнес ғоя бўлса, лекин уни қандай қилиб бозор маҳсулоти ва ҳақиқий бизнесга айлантириш бўйича тушунча етарли бўлмаса, инкубатор ушбу имкониятни яратади.

Инкубатордан фарқли ўлароқ акселератор лойиҳасида иштирок этиш учун одатда стартаплар бирламчи стратегия ва маҳсулотга эга бўлишлари талаб этилади. Масалан, тадбиркорда бирламчи бизнес шаклланган бўлса, аммо бозорда барқарор фаолият юритиш учун керакли билим ва молиявий ресурслар етарли бўлмаса, акселератор ёрдамга келади. Бошқача қилиб айтганда, акселератор бу инкубаторнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Акселераторларнинг оммалашуви

Биринчи бизнес акселератор 2005 йил АҚШда вужудга келган бўлиб, Пол Грэм томонидан асос солинган. Мазкур платформа орқали  дунёга машхур бўлган Airbnb (бир қатор мамлакатларда қисқа фурсатли ижарага уй-жой бозори), Dropbox (булутли сақлаш хизмати), Twitch (видеостримлар ўтказиш учун сервис) ва Reddit (ижтимоий тармоқ ва форумлар ўтказиш учун онлайн майдон) каби компаниялар тараққий этган. Кейинчалик акселеряция лойиҳалари АҚШ ва Европада кенг оммалашган, ҳамда 2015 йилга келиб ҳар учинчи стартап акселеряция лойиҳаларига жалб қилинган[5].

Бугунги кунда дунёда 3000 дан ортиқ акселеряция лойиҳалари мавжуд бўлиб, уларнинг 1000 дан ортиғи АҚШга тўғри келади[6]. Россияда 103 та, Хитойда 208 та, Европада 400 дан ортиқ[7], Эстонияда  10 та[8] акселератор дастурлари фаолият юритмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон етакчилик қилмоқда, мамлакатда 15 та ушбу турдаги дастурлар мавжуд.

Қирғиз Республикасидаги Accelerate Prosperity - тез ўсиб бораётган, юқори самарали стартаплар ҳамда кичик ва ўсиб бораётган бизнес учун керак билим ва кўникмалар, техник таъминлаш ва 50 минг АҚШ долларигача бўлган маблағ билан молиялаштириш ечимларини тақдим этади. Ҳозирги кунга қадар дастур томонидан 1260 нафар тадбиркор ўқитилган, 154 нафар компанияга жами 3,5 млн АҚШ доллар миқдорида сармоя ажратилган. Натижада, қўшимча 831 та иш ўрни яратилган[9].

Ўзбекистондаги ҳолат

Ўзбекистонда биринчи IT-лойиҳалар учун стартап-акселератор
2015-йилда ишга тушган. 2020-2021 йилларда Accelerator.uz стартаплар трекинги платформаси ва Кремний водийси, Марказий Осиё ва Европа мамлакатларининг менторлари иштирокида менторлик дастурларини ташкиллаштириш учун Central Asia Mentoring Platform платформаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистонда акселераторлар фаолиятини ташкил қилиш ва ривожлантиришга қаратилган чоралар амалга оширилмоқда. Жумладан,
2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент Фармонида инновацион инфратузилма субъектлари (инновацион технологик парк ва стартап акселератор) тармоғини шакллантириш орқали стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мазкур субъектлар сонини 3 баробарга ошириш белгиланган.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда IT-Парк томонидан ташкил қилинган 3 та акселератор фаолият олиб бормоқда (AloqaTechLab, Plug and Play, Tumaris Tech). AloqaTechLab акселератори доирасида жами 491 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 66 таси акселерация дастурига қабул қилинган ва натижада 40 та лойиҳа дастурни муваффақиятли якунлаган. Aкселерация дастури натижаларига кўра 10 та лойиҳага “Aloqa Ventures” венчур жамғармаси томонидан инвестиция таклифи тақдим этилган ва уларнинг 3 таси 150 минг AҚШ доллари миқдорида молиялаштирилган.

Plug and Play акселератори доирасида 1 та акселерация дастури муваффақиятли амалга оширилди. Ушбу дастур доирасида 120 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 14 таси дастурга қабул қилинган. Ҳозирги кунда 2 та стартап лойиҳага инвестиция киритиш жараёнлари амалга оширилмоқда ҳамда акселерация дастурининг иккинчи тўлқини учун аризалар қабули давом этмоқда.

Жорий йилнинг август ойида Москва Давлат халқаро муносабатлар институтининг (МГИМО) Тошкентдаги филиали “MGIMO Ventures Tashkent” акселератор дастурини йўлга кўйишини эълон қилди[10]. Дастур ўз технологияларини Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатлар бозорида кенгайтиришга интилаётган MVP босқичидаги стартаплар учун тақдим этилади.

Акселераторларнинг муваффақиятига тўсқинлик қилувчи омиллар

Жаҳон тажрибаси кўрасатадики, акселераторлар фаолиятини ташкил қилишнинг ўзи уларнинг муваффақиятли фаолият юритишига кафолат бўлмайди. Хусусан, акселератор ходимларининг етарли билим ва тажрибага эга эмаслиги, қабул жараёнининг шаффоф эмаслиги, қўнғироқ “ҳуқуқи”  акселераторларнинг режага мувофиқ иш тушишига салбий таъсир қилиб, натижада тизимли нотўғри селекция жараёнини юзага келтириши мумкин.

Нотўғри селекциянинг натижаси баъзида тез намоён бўлса, баъзида сезилмас чуқур таъсирга эга бўлади.

Қабул жараёнида кўриб чиқилаётган аризалар маҳаллий ҳокимият ёки бошқа мутассадди ташкилотларнинг режаларидан келиб чиқиб эмас, балки бозор тамойиллари асосида танлаб олиниши мақсадга мувофиқ. Селекция жараёнида ҳудудий диспропорциянинг юз бериши, яъни ҳудудларда ўзига хос специфика пайдо бўлиши табиий ҳолат сифатида қаралиши керак. Масалан, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида кўпроқ туризмга, Қорақалпоғистон ва Навоийда сув тежамкор технологияларга, Фарғона водийсида эса қишлоқ хўжалигидаги инновацияларга қаратилган лойиҳалар нисбатан кўпроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун, акселераторлар ҳам ўқитиш ва молиялаштириш тизимларини бозордаги талабга қараб мослаштириши талаб этилади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, акселератор жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммолардан бири бу ғояга эгалик ҳуқуқи тамойилларининг бузилиши ҳисобланади.

Шу боис, акселератор жараёнига топширилган лойиҳаларнинг акселератордан ташқарига чиқмаслигини назорат қилиш ҳамда тадбиркорнинг муаллифлик ҳуқуқуни ҳимоя қилишни таъминлайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар акселераторнинг низомида акс эттирилиши лозим.

Акселератор фаолиятининг муҳим қисми дастур мураббийлари ва  салоҳиятли инвесторлар билан тадбирлар ва учрашувлар ўтказишдир. Бироқ, уларнинг ҳаддан даражада кўп ўтказилиши кўпроқ салбий оқибатларга олиб келади. Шундай қилиб, компанияни ривожлантириш ва намойиш кунига тайёргарлик кўриш ўрнига, дастур бундай "зарур" тадбирлар ва учрашувларга кўпроқ эътибор қаратиши хавфини камайтириш керак.

Юқорида келтирилган муаммоларнинг ечими - бу акселераторнинг молиявий манфаат принциплари асосида ишлаш механизмини жорий этишдир. Яъни, акслератор дастуридан ўтган лойиҳанинг келажакда барқарор бизнесга айланиши акселератор марказига фойда олиб келади (улушдорлик ҳисобига). Аксинча, лойиҳанинг келажакдаги муваффақиятсизлиги  акселераторга молиявий йўқотишига сабаб бўлади. Бунда, акселераторларга ташқи молиявий ёрдам (давлат субсидиялари) ажратилмаслиги ва акселераторларни бизнеснинг бир қисми сифатида бозор тамойиллари асосида ишлаши мақсадга мувофиқ.

Акселераторларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар

Республиканинг барча вилоятларида ташкил этилиши кутилаётган бизнес акселераторларнинг асосий мақсади бу стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш ва икки томонлама иқтисодий фойдага эга бўлган тизимни йўлга қўйиш дейиш мумкин.

Акселераторлар бизнес лойиҳалардан келиб тушган аризаларни кўриб чиқиб, уларга ҳозирги бозор талабларига жавоб берадиган маҳсулотни яратишга ёрдам кўрсатишади. Классик акселерация жараёни бир нечта босқични ўз ичига олади (Европа акселератори мисоли 2-жадвалда келтирилган):

  1. Танлов асосидаги қабул. Акселератордан фойдаланмоқчи бўлган барча бизнес лойиҳалар шаффоф танлов тизимидан ўтиши зарур. Танлов тизими мезонлари ва вақтлари аниқ белгиланиши мақсадга мувофиқ. Ушбу чоралар натижасида қабул жараёни одиллиги таъминланиб, қўнғироқ “ҳуқуқи” максимал тарзда чекланади. Европа мамлакатиларда ўтказилган тадқиқотда, 13 та акселераторда ҳам танлов жараёни бир неча босқични қамраб олиши аниқланган (3-жадвал).

  2. Интенсив ўқув курслари ва менторлик хизмати. Акселераторга қабул қилинган ходимга масъул эксперт бириктирилади, ва у акселератор вақти давомида бизнес лойиҳа билан бевосита иш олиб боради ҳамда молиявий қарорларни бирга қабул қилади. Тадбиркорларга бозорни ўрганиш, маркетинг, сармоя ва бошқа йўналишлар бўйича керакли билим ва кўникмалар берилади.

  3. Нетворкинг (Networking). Акселераторлар бир йўналишда фикрлайдиган бизнес лойиҳаларни бўлажак инвесторлар ва истеъмолчилар билан боғлаш мақсадида махсус учрашув ва тақдимотлар ташкил этади (Demo-day). Мисол учун, Microsoft Venture Accelerator истиқболли стартапларни дунёга машҳур Shell, Siemens ва BMW каби йирик корхоналар билан учраштиради.

  4. Бизнес учун инвестициялар. Бизнесдаги улушдорлик (7-10%) эвазига акселератор бизнеснинг ривожланиши учун маблағ ажратади. Ушбу тизим икки томонлама иқтисодий манфаатларни яратиб, унда бизнес лойиҳанинг муваффақияти бевосита акселераторнинг соф фойдасига таъсир кўрсатади. Яъни, иқтисодий манфаат акселератор томонидан бизнесга максимум ёрдам кўрсатилишини бозор механизмлари асосида таъминлайди.

  5. Бошқалар билан таққослаш имконияти. Ривожланишнинг дастлабки босқичларида компаниялар кўпинча изоляция ҳолатида бўлиб, улар тўғри йўналишда ривожланаётганлигини, тўғри суръатда ҳаракат қилаётганларини тушунолмайдилар. Акселератор дастурларида иштирок этиш тадбиркорларга ўзларига ўхшаш босқичларда бўлган бошқа стартаплар билан солиштириш имкониятини беради. Шунингдек, дастур доирасидаги рақобат стартапларни янада яхши ривожланишга ундайди.

Хулоса

Акселераторлар мамлакатда инновацион муҳитни шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатади ва стартапларнинг янада муваффақиятли ривожланишига ҳисса қўшади. Ўзбекистонда акселератор тизимининг яратилиши мамлакатнинг стартап экотизимини шакллантириш ва ривожлантиришга янги туртки беради.

Стартап акселераторларининг бошланғич инновацион компанияларга тақдим этаётган имкониятлари Ўзбекистон бозорида бундай компанияларнинг кўпайишига ёрдам беради.

Шу билан бир қаторда, бундай дастурлар иқтисодиётга бевосита ва билвосита ижобий таъсир кўрсатади.

Хусусан, тўғридан-тўғри таъсирлар қаторига мамлакат бозорида инновацион фаол корхоналар улушининг кўпайиши, инновацияларга йўналтирилган инвестицияларнинг ортиши ва ишлаб чиқарилган инновацион маҳсулотлар улушининг кенгайиши киради. Шундай қилиб, мамлакатда тадбиркорлик фаоллияти ва тадбиркорларнинг саводхонлик даражаси ошиб боради ҳамда бошланғич компаниялар қўллаб-қувватланади.

Ўз навбатида, билвосита таъсирлар, айниқса, ёшлар орасида бандликнинг ошишида намоён бўлади. Асосан, стартап лойиҳалари ўқишни тугатгандан сўнг бозорга чиқадиган ва кўплаб янги ғояларга эга бўлган ёшлар томонидан яратилади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда акселераторларнинг ривожланиши мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, иш ўринлари билан таъминлаш (айниқса, ёшлар ўртасида), аҳоли турмуш даражаси ва даромадларини оширишга қаратилган сиёсат билан мустаҳкам боғлиқдир.

 

1-Жадвал. Европадаги акселератор лойиҳалари: Париж, Лондон, Берлин

 

Асос солинган йил

Манзил

Молиялаштириш дастури

Сармоя секторлари / Дастур йўналиши

Сармоя / капитал

Дастур давомийлиги

Ҳар бир cоҳортдаги (гуруҳдаги) компаниялар сони

Bethnal Green ventures

2011

Лондон

Давлат

Универсал

£1500 – 6%

3 ой

10

Fintech Innoваtion Lab

2012

Лондон ва Нью-Йорк

Хусусий

Махсус (High-tech / банкга алоқадор)

Йўқ

3 ой

6

Techstars Лондон

2013

Лондон

Хусусий

Универсал

£12500 – 6%

3 ой

10

Climate-KIC Europe

2010

Европа

Давлат

Махсус (табиатга таъсир бўйича стартаплар)

€95000 – Йўқ

12-18 ой

20

Healthbox Europe

2012

Лондон ва АҚШ

Хусусий

Махсус (соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштиришга оид)

£50000 – 10%

4 ой

7

Axel Springer Plug & Play

Accelerator

2013

Берлин

Хусусий

Универсал

€25000 – 5%

3 ой

15

Microsoft Ventures

Accelerator

2012

Дунё бўйлаб

Хусусий

Махсус (IT стартаплар)

Йўқ / Йўқ

4 ой

9

Prosiebensat.1

2013

Берлин

Хусусий

Универсал

€25000 – 5%

3 ой

6/7

Startupbootcamp SBC2go

2013

Берлин

Хусусий

Универсал

€15000 – 8%

6 ой

10

L’Accelerateur

2012

Париж

Хусусий

Универсал

€5000 – €15000 –
7-12%

3 ой

10

Le Camping

2010

Париж

Давлат / Хусусий

Махсус (web стартаплар)

€4000 – Йўқ

6 ой

12

The Family

2013

Париж

Хусусий

Универсал

Йўқ – 1%

18 ой

93

Scientipole Initiative and

Croissance

2002

Париж

Давлат / Хусусий

Универсал

€60000 – 90000 – Йўқ

6 ой

120

 

2-Жадвал. Aкселератор дастурлари орқали тақдим етилган имтиёзлар

Акселератор

Имтиёзлар

Bethnal Green Ventures

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

Ҳафталик баҳолаш

“Коворкинг” майдони

Турли тадбирлар

Демо куни (Демо куни – стартаплар ёки тадбиркорлар ўз бизнес ғойалари ва маҳсулотларини потенциал инвесторлар ва ҳамкорларга тақдим етадиган тадбирдир)

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Молиявий ва ҳуқуқий ёрдам

Fintech Innoваtion Lab

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

Ҳафталик баҳолаш

“Коворкинг” майдони

Турли тадбирлар

Демо куни (Демо куни – стартаплар ёки тадбиркорлар ўз бизнес ғойалари ва маҳсулотларини потенциал инвесторлар ва ҳамкорларга тақдим етадиган тадбирдир)

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Techstars Лондон

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

Ҳафталик баҳолаш

“Коворкинг” майдони

Турли тадбирлар

Демо куни (Демо куни – стартаплар ёки тадбиркорлар ўз бизнес ғойалари ва маҳсулотларини потенциал инвесторлар ва ҳамкорларга тақдим етадиган тадбирдир)

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Молиявий ва ҳуқуқий ёрдам

Хостинг хизматлари

Climate-KIC Europe

“Коучинг”

“Коворкинг” майдони

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Healthbox Europe

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

Ҳафталик баҳолаш

“Коворкинг” майдони

Турли тадбирлар

Демо куни (Демо куни – стартаплар ёки тадбиркорлар ўз бизнес ғойалари ва маҳсулотларини потенциал инвесторлар ва ҳамкорларга тақдим етадиган тадбирдир)

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Молиявий ва ҳуқуқий ёрдам

Axel Springer Plug & Play Accelerator

 

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

“Коворкинг” майдони

Турли тадбирлар

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Microsoft Ventures Accelerator

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

“Коворкинг” майдони

Турли тадбирлар

Демо куни (Демо куни – стартаплар ёки тадбиркорлар ўз бизнес ғойалари ва маҳсулотларини потенциал инвесторлар ва ҳамкорларга тақдим етадиган тадбирдир)

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Молиявий ва ҳуқуқий ёрдам

БизСпарк қўллаб-қувватлаши

Prosiebensat.1 Accelerator

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

“Коворкинг” майдони

Турли тадбирлар

Демо куни (Демо куни – стартаплар ёки тадбиркорлар ўз бизнес ғойалари ва маҳсулотларини потенциал инвесторлар ва ҳамкорларга тақдим етадиган тадбирдир)

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Молиявий ва ҳуқуқий ёрдам

Startupbootcamp SBC2go

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

“Коворкинг” майдони

Турли тадбирлар

Демо куни (Демо куни – стартаплар ёки тадбиркорлар ўз бизнес ғойалари ва маҳсулотларини потенциал инвесторлар ва ҳамкорларга тақдим етадиган тадбирдир)

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Молиявий ва ҳуқуқий ёрдам

L’Accelerateur

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

Турли тадбирлар

Демо куни (Демо куни – стартаплар ёки тадбиркорлар ўз бизнес ғойалари ва маҳсулотларини потенциал инвесторлар ва ҳамкорларга тақдим етадиган тадбирдир)

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Молиявий ва ҳуқуқий ёрдам

Le Camping

Менторлик

Aмалий семинар

“Коучинг”

Турли тадбирлар

Демо куни (Демо куни – стартаплар ёки тадбиркорлар ўз бизнес ғойалари ва маҳсулотларини потенциал инвесторлар ва ҳамкорларга тақдим етадиган тадбирдир)

Нетворкинг (ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш)

Молиявий ва ҳуқуқий ёрдам

Aмазон wеб сервиcес (дастурий таъминот номи)

The Family

Турли тадбирлар

Aмалий семинар

 

3-Жадвал. Акселератор танлов жараёни

Акселератор

Танлов жараёни

Bethnal Green Ventures

f6s дастурий таъминоти орқали онлайн ариза /

стартапларнинг қисқа рўйхати /

юзма-юз суҳбат /

якуний 10 та стартап

Fintech Innovаtion Lab

Ўз дастурий платформаси орқали онлайн ариза /

15 та стартапларнинг қисқа рўйхати /

Банклардан иборат инвесторлар олдида тақдимот /

якуний 6 та стартап

Techstars Лондон

f6s дастурий таъминоти орқали онлайн ариза /

75 та стартапнинг қисқа рўйхати /

20-30 тани танлаш учун суҳбат /

юзма-юз суҳбат /

якуний 10 та стартап

Climate-KIC Europe

Ўз дастурий платформаси орқали онлайн ариза /

ички панел (аризачиларни баҳолаш гуруҳи) орқали аризачиларнинг қисқа рўйхатини тузиш /

суҳбат /

йиллик якуний 20 та стартап

Healthbox Europe

Ўз дастурий платформаси орқали онлайн ариза /

қисқа рўйхат шакллантириш учун танловнинг 2 босқичи /

юзма-юз суҳбат

Axel Springer Plug & Play Accelerator

 

Ўз дастурий платформаси орқали онлайн ариза /

30 та стартапнинг қисқа рўйхати /

юзма-юз суҳбат /

якуний 15 та стартап

Microsoft Ventures Accelerator

f6s дастурий таъминоти орқали онлайн ариза /

70 та стартапнинг қисқа рўйхати /

биринчи интервю - 20 та стартапнинг қисқа рўйхати /

иккинчи интервю /

якуний 9 та стартап

Prosiebensat.1 Accelerator

Ўз дастурий платформаси орқали онлайн ариза /

20 та стартапнинг қисқа рўйхати /

интервю /

якуний 6-7 стартаплар

Startupbootcamp SBC2go

Онлайн ариза – скаут тадбирлари /

қисқа рўйхат/

20 та стартап билан Скйпе орқали суҳбат /

танлов куни/

якуний 10 та стартап

L’Accelerateur

Ўз дастурий платформаси орқали онлайн ариза /

50 та стартапнинг қисқа рўйхати /

суҳбат /

якуний 10 та стартап

Le Camping

Онлайн ариза /

50 та жамоанинг қисқа рўйхати /

юзма-юз суҳбат - 25 стартап /

иккинчи суҳбат - якуний 12 стартап

The Family

Электрон почта орқали боғланиш /

юзма-юз суҳбат

Scientipole Initiative (and Croissance)

Ўз дастурий платформаси орқали онлайн ариза /

юзма-юз суҳбат

 

 


[1] https://president.uz/uz/lists/view/6530
[2] https://startupgenome.com/article/the-state-of-the-global-startup-economy
[3] https://www.researchgate.net/publication/346230196_Data_Driven_Analysis_of_Startup_Accelerators
[4] https://sifted.eu/articles/400-startup-accelerators-in-europe-listed
[5] https://trends.rbc.ru/trends/innovation/638736a99a79478ad344edd2
[6] https://siliconbayounews.com/2021/04/16/why-louisiana-entrepreneurs-should-consider-the-ignition-accelerator/
[7] https://sifted.eu/articles/400-startup-accelerators-in-europe-listed
[8] https://incubatorlist.com/top-startup-accelerators-incubators-and-vcs-in-estonia/#:~:text=There%20are%2010%20Estonia%2Dbased,business%20investors%20using%20this%20list.
[9] https://kg.accelerateprosperity.org/about
[10]https://uzdaily.uz/ru/post/79364?fbclid=IwAR0txvACtrjuDnp0DrRyJmcgCMO5KJR4CUiQiiNgRVFAJWOCB9YEALCNB7c_aem_AdYEyFkLg7G7Uf7r04xz7eYnK9Gh-qhc6ErnOZ_Fm5ETbb-ThEN-FOM_qKBq1VacHZ4&mibextid=Zxz2cZ